Boshiga » 2013 » May » 26 » Москвага олиб кетилаётган 17 миллион сўмлик қадимий медаллар ушланди
04:21 Москвага олиб кетилаётган 17 миллион сўмлик қадимий медаллар ушланди |
Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йилдаги 131-сонли "Ўзбекистон Республикасида маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши масалаларини тартибга солиш тўғрисида”ги Қарорига кўра 50 йил муқаддам ва ундан ҳам олдинроқ яратилган маданий бойликлар Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиб кетилмайди. Агарда, маданий бойликларнинг мамлакатимиздан олиб чиқилиши ёки вақтинча олиб чиқилиши зарурати бўлган тақдирда тегишли идора экспертларининг хулосаси ва рухсати билан амалга оширилади.
Шунга қарамай, айрим шахслар томонидан ҳеч қандай ҳужжатларсиз қинғир йўллар билан тарихий бойликларимизни олиб чиқиб кетишга булган уринишлар аниқланмокда. Яқинда "Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан Тошкент халқаро аэропортида ноёб ва тарихий бойликларнинг ноқонуний олиб чиқилиши фош этилди.
Озарбойжон Республикаси пойтахтига йўл олган наманганлик фуқаро Г.Сарварованинг божхона назоратидан ўтиш вақтида ўзини тутиши божхоначиларда шубҳа уйғотди. Шундан сўнг, ушбу аёл холислар иштирокида божхона кўригидан ўтказилганда, унинг божхона баённомасида ва оғзаки сўровлар пайтида маълум қилмасдан туриб, 19 дона қадимий тангаларни яширинча олиб чиқишга урингани аён бўлди.
Аниқланишича, XIX аср охирларида тилладан зарб қилинган ва Чор Россияси даврида муомалада бўлган ушбу тангаларнинг соф оғирлиги 152 гр.дан ортиқ бўлиб, умумий қиймати 3 млн. сўмдан ошар экан.
Шунга ўхшаш ҳолат пойтахтлик божхоначилар томонидан ҳам аниқланди. "Келес” темир йўл божхона пости ходимлари қадимий ноёб буюмлар ҳамда нишон орденларининг ноқонуний олиб чиқилишига ўз вақтида чек қўйишди. "Тошкент-Москва” йўналиши бўйича кетаётган поезд йўловчиси фуқаро Хамраева Н. амалдаги тартибларга зид равишда турли тарихий ва ноёб буюмлар ҳамда 26 дона олтин ва кумушдан ишланган тарихий орденларни республикамиздан яширинча олиб чиқишга уринган пайтда божхоначилар томонидан тўхтатиб қолинди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва Спорт ишлари Вазирлиги Бадиий экспертиза бошқармасининг хулосасига кўра, қиймати 17 млн. сўмдан ортиқ бўлган ушбу маданий бойликларни Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш ман этилади. Амалдаги тартибларга кўра, шахсий орден ва медалларни орден дафтарчалари ёки мукофотлаш гувоҳномалари асосида олиб чиқишлари мумкин.
Шу каби ҳолат Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳам аниқланди. "Навоий” чегара божхона пости ходимлари томонидан юртимиздан пиёда чиқиб кетаётган фуқаролар С.Фузаилов ҳамда И.Ёриевларнинг қўл юклари тегишли тартибда божхона кўригидан ўтказилганда, улар 132 дона турли хил маданий бойликларни божхона баённомасидан "бекитишгани” фош бўлди. Экспертиза хулосасига кўра, қиймати 21 млн. сўмдан ортиқ бўлган ушбу тарихий бойликларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига олиб чиқиш тақиқланади.
Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида республикамиз божхоначилари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза этувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 43 та қонунбузарлик ҳолатларида 900 донага якин турли ноёб тарихий ва маданий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди. Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати
|
Категория: Qiziqarli yangiliklar |
Просмотров: 520 |
Добавил: Vertu_Studio
| Рейтинг: 0.0/0 |
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[
Регистрация |
Вход ]